Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори билан Мўйноқ туманида 2019—2021 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қарийб 27 триллион сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади, деб ёзади ЎзА.
Ушбу ҳужжат билан саноат соҳасига 33 та, хизмат кўрсатиш соҳасига 34 та ва қишлоқ хўжалиги соҳасига 8 та, жами 75 та лойиҳа жалб қилиниши назарда тутилган.
«Мўйноқда 3 йил ичида 26 триллион 974 миллиард 827 миллион сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Мўйноқда бизнес қиламан, инвестиция киритаман, деган тадбиркорлар кундан-кун кўпаймоқда, — дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. — Ҳукумат қарорида назарда тутилган 75 та лойиҳа тадбиркорларнинг ўз маблағлари (338 миллиард 755 миллион сўм), тижорат банкларининг кредитлари (99 миллиард 672 миллион сўм) ҳамда хорижий инвестициялар ва кредитлар (3 миллиард 194 миллион АҚШ доллари) ҳисобидан амалга оширилади. Булардан энг йирик лойиҳалар сифатида Global project capital қўшма корхонаси томонидан амалга ошириладиган газни қайта ишлаш орқали полиэтилен ва полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини айтиш мумкин. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 16 триллион 600 миллиард сўм (ёки 2 миллиард доллар) бўлиб, уни амалга ошириш муддати 2020 йил март ойигача белгиланган. Яна бир йирик лойиҳа ушбу корхона томонидан туманимизда ташкил қилинадиган туризм комплекслари (меҳмонхона ва кўнгилочар дам олиш марказлари, савдо марказлари ва бошқалар)дир. Бу лойиҳаларни амалга оширишга жами 1 миллиард доллар жалб қилинади. Шунингдек, Siemens қўшма корхонаси томонидан 150 миллион доллар эвазига 120 МВт. қувватга эга шамол электрогенератори қуриш режалаштирилган. Лойиҳа 2020 йил декабрь ойида ишга туширилади».
Мазкур рақамлар Мўйноқнинг йирик саноат шаҳарларидан бирига айланишини англатмоқда. Уч йилда туманда мисли кўрилмаган ишлар қилинади. Шу вақтга қадар чорва озуқаси сифатида фойдаланиб келинган ёки шунчаки ёқиб юборилган қамишдан қоғоз (целлюлоза) ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган иккита корхона барпо этилади. Нафақат мўйноқликлар, балки барча ўзбекистонликларни қувонтирган бу янгилик бир вақтлари минглаб кишиларни иш билан таъминлаб, дунёга донг таратган Мўйноқ балиқ-консерва заводининг қайта тикланиши бўлмоқда. «Мўйноқ аква саноат» ДУК томонидан амалга ошириладиган ушбу лойиҳа 2019 йил охирида ишга туширилади. Ҳозир заводнинг қурилиш ишларига старт берилган.
Изоҳ (0)