Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ўтган 2018 йилда 33,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу 2017 йилга нисбатан 27,3 фоизга кўп демакдир, деб ёзади ЎзА.
Бундай кўрсаткичга қайси маҳсулотлар ва хизматлар эвазига эришилди?
«Маълумки, ташқи савдо ҳажми товарлар ва хизматлар экспорти ва импорти ҳисобидан шаклланади, — дейди Давлат статистика қўмитаси Ташқи савдо бўйича бошқарма бошлиғи Ботир Эргашев. — 2018 йилнинг январь—декабрь ойлари ҳолатига кўра экспорт ҳажми 14,3 миллиард долларни ташкил этди. Шу тариқа 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 13,5 фоиз ўсишга эришилди. Хитой, Россия, Қозоғистон ва Туркия Ўзбекистон энг кўп маҳсулот экспорт қиладиган давлатлар ҳисобланади. Хусусан, Хитой ва Россияга асосан газ ва мева-сабзавот маҳсулотлари, Туркияга эса қора ва рангли металлар экспорт қилинади.
Экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми жаҳон бозорида унга бўлган талабга кўра ўзгариб туради. Баъзида бу бизнинг имкониятимиз ва режаларимизга ҳам боғлиқ. Мисол учун, пахта экспорти йилдан йилга пастлаб бормоқда. 2015 йилда 503,8 минг тонна, 2016 йилда 416 минг тонна, 2017 йилда 278,9 минг тонна, 2018 йилда эса 115,6 минг тонна хорижга сотилди. Ушбу камайиш динамикасининг сабаби сифатида ўзимизда пахтани қайта ишлаш ҳажми ортиб, тайёр ёки ярим тайёр текстил маҳсулотлари ишлаб чиқаришга катта эътибор берилаётганлигини айтишимиз мумкин. Ўз ўрнида, 2018 йил якунларига кўра 1,6 миллиард долларлик текстил маҳсулотлари экспорт қилинди.
Республикада етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мева-сабзавотлар ҳам харидоргир ҳисобланади. Агарда 2017 йилда 364,2 минг тонна сабзавот экспорт қилинган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда 670,4 минг тоннани ташкил этди. Мевалар экспорти ҳам 2018 йилда 2017 йилга нисбатан ўсди. Яъни, қарийб 540 минг тоннадан 560,2 минг тоннага етди. Улар орасида узум экспортида нисбатан камайиш кузатилди. 2017 йилда қарийб 214 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 206,8 минг тоннани ташкил этди.
Қувонарлиси, биз Европа мамлакатларига ҳам кириб боряпмиз. Ҳозирга қадар мева-сабзавотларни асосан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларга экспорт қилган бўлсак, 2018 йил давомида Латвия, Германия, Польша, Руминия, Италия, Испания каби давлатларга 11,8 минг тоннага яқин асосан қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб берилди».
Изоҳ (0)