Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда. Ушбу ташриф давомида немис матбуоти Ўзбекистон ҳақида ва мамлакатнинг Президенти олиб бораётган кенг қамровли сиёсий ислоҳотлар тўғрисида қатор мақолалар эълон қилди, деб ёзади ЎзА.
Tagesspiegel газетаси ўзининг 18 январь сонида эълон қилинган «Ўзбекистон реформалари йўналишини қўллаб-қувватлаш» сарлавҳали мақоласида Ўзбекистон узоқ йиллик нотўғри олиб борилган сиёсат, минтақадаги изоляциядан сўнг ниҳоят сиёсий ислоҳотлар сари дадил қадам қўйганини, юксалишлар сари аниқ ва тиниқ сигналлар бераётганлигини ёзади. Бунга мисол тариқасида газета мамлакатнинг 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муҳокамага қўйилгани, қонун устуворлигининг либераллаштирилгани, давлат органлари устидан жамоат назоратининг жорий этилгани, инновацион технологияларнинг қўллаб-қувватланиши ва диний чекловларнинг сезиларли даражада қисқартирилганлигини баён қилади. Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангандан кейин қўшни давлатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда, айнан Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 13 йилдан кейин Ўрта Осиё давлатларининг Остонадаги учрашуви бунга яққол мисол, дейилади мақолада. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари, ҳаттоки «Толибон« ҳаракати билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бораётганига алоҳида урғу берилади. Мақоланинг давомида Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган иқтисодий ислоҳотлар, мамлакатга инвестицияларнинг кенг жалб қилишда гаров вазифасини бажараётгани қайд этилади.
Газетанинг 21 январь сонида эълон қилган ўша — «Ўзбекистон демократия йўлида» сарлавҳали мақолада Ўзбекистон ва Германия ўртасида савдо-иқтисодий товар айирбошлаш ҳажмининг 2018 йилда 15 фоизга ўсгани таъкидланади.
Мақолада айтилишича, Шавкат Мирзиёевга қадар мамлакатда матбуот ҳукумат тарафидан қаттиқ назорат қилинган, мажбурий меҳнатга чек қўйилмай келинган, иқтисодда ва бошқа соҳаларда коррупция илдиз отган эди. «Чегара билмас журналистлар» рўйхатида Ўзбекистон 165-ўринда бўлганлиги ва бугунга келиб юқорида тилга олинган муаммолар сезиларли равишда ижобий тарафга ўзгарганлиги қаламга олинади. Мақола муаллифи мамлакатда валюта қора бозорига чек қўйилганини, бож ва солиқларнинг пасайтирилиши, ёш тадбиркорларга кредитлар берилиши, 2018 йилнинг ўзида 57 миллион долларлик сармоянинг 3 мингдан зиёд лойиҳага йўналтирилгани ва Хитой давлати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган One Belt, One Road лойиҳасини алоҳида таъкидлаб ўтган. Мақола сўнггида «Конрад Аденауэр жамғармаси»нинг Тошкент филиали бошқарувчисининг Ўзбекистон ҳақидаги ушбу фикрлари берилган: «Икки йил ичида бундан ортиғига эришиб бўлмас эди. Йўналиш тўғри танланган».
Германиянинг нуфузли газеталаридан яна бири Süddeutsche Zeitung ўзининг 21 январь куни эълон қилган «Марказий Осиёча қайта қуриш» номли мақоласида Президент Шавкат Мирзиёев кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширганлиги, унинг Берлинга ташрифи ортидан Германия инвестициясининг Ўзбекистонга киришидан умиди катта эканлиги ҳақида хабар қилинади. Президентнинг немис халқига совғаси унинг ташрифидан бир ҳафта олдин йўлланди, яъни Германия фуқаролари учун 30 кунгача Ўзбекистонда визасиз саёҳат қилиш ҳуқуқи берилди, дейилади мақолада.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи немис халқи томонидан катта қизиқиш ва мамнуният билан кутиб олинди.
Изоҳ (0)