Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳудудлардаги тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (кейинги ўринларда — ТМЕК деб юритилади) томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда ногиронликни белгилаш билан боғлиқ фаолиятини таҳлил қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Таҳлил ушбу соҳада фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлувчи ўз ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Биринчидан, даволаш профилактика муассасаларида мутахассислар ва тиббий ускуналар етишмайди.
Даволаш-профилактика муассасаларида шифокорлар (невропатолог, окулист, хирург ва ҳоказо) етишмаслиги ҳамда штат бирлиги камлиги сабабли уларнинг иш вақтларининг турлича қилиб белгиланганлиги натижасида фуқаролар ТМЕКлар томонидан дастлабки тиббий кўрикдан ўтиш учун асос бўладиган 088/у-тиббий маълумотномасини тўлдириш учун ўртача 8—10 кун вақт сарфламоқда.
Иккинчидан, соҳадаги айрим муносабатлар тартибга солинмаган, қонун ҳужжатларидаги баъзи тартиботлар фуқаролар манфаатларига тўғри келмайди. Қонунчиликда белгиланган муддатлардан олдин ТМЕКлар томонидан дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш учун асос бўладиган касалликлар белгилари ва рўйхатлари тасдиқланмаган.
Натижада даволаш профилактика муассасалари томонидан айрим ҳолларда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар (бош мия инсульти, буйрак саратони, бош мия ўсмаси ва ҳоказо) фаолиятининг тўлиқ бузилиши шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлардан ҳам стационарларда 4, 6 ёки 10 ой давомида даволаниш талаб қилинган.
Бундан ташқари, фуқаролар ногиронлик ҳолатини белгилаш учун асос бўладиган касалликларга чалинган бўлишига қарамасдан, кўрсатилган муддатларда стационарларда даволанмаганлиги сабабли уларга ногиронлик белгиланмаяпти.
Учинчидан, соҳа фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти барқарор эмас.
ТМЕКлар фаолиятининг етарлича мувофиқлаштирилмаслиги натижасида, айрим ҳолларда даволаниш самара бермайдиган касалликка чалинган (бош мия фалажи, болалар серебрал фалажи, қўл ва оёқнинг ампутацион чўлтоқлиги ва ҳоказо) беморлар йиллар давомида қайта-қайта тиббий кўрикдан ўтказилган.
Ўрганиш давомида адлия органлари томонидан ТМЕКлар фаолиятида 300 дан ортиқ қонун бузилиши ҳолати аниқланди. Мазкур қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида уларга йўл қўймаслик мақсадида адлия органлари томонидан 50 та тақдимнома ҳамда маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритилди. Таъсир чоралари натижасида интизомий жавобгарликка 63 нафар, маъмурийга эса 5 нафар шахс тортилди.
Тўртинчидан, ТМЕКларда айрим турдаги мутахассислар етишмайди (педиатр, офталмолог), аксарият ҳолларда ногиронлик фуқаролар мурожаат қилганидан сўнг белгиланган.
Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморларни аниқлаш бўйича етарлича мониторинг олиб борилмаслиги сабабли, баъзи ҳолларда чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари бор шахсларга ногиронлик белгиланмасдан қолиб кетган.
Таҳлилларга кўра, 2018 йилнинг 10 ойида давомида ТМЕКлар томонидан белгиланган жами 42 499 та ногиронлик ҳолатининг атиги 275 таси ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлар ҳиссасига тўғри келади.
Таъкидлаш лозимки, адлия органлари саъй-ҳаракати билан чекка ва олис ҳудудларда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ ногиронлик ҳолати аниқ кўриниб турган шахслар ТМЕКлар томонидан белгиланган муддатлардан олдин тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли ногиронлик гуруҳлари белгиланди.
Изоҳ (0)