Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган 7-сонли ИИБ журналистларга намойиш этилди. Объект Ўзбекистон учун ноёбдир. Бу ерда бир йўла бир нечта фавқулодда хизмат — ўт ўчириш, тиббий хизмат, милиция, қутқарув ва фавқулодда ҳолатлар хизматлари бирлаштирилган, деб ёзади «Новости Узбекистана».
Бундан ташқари, бўлимда паспорт тизими хизматлари кўрсатилади, руҳшуносларнинг бутун бир штати ишламоқда. Асосийси, бўлимда гувоҳлар ва жабрланувчилар томонидан жиноятчини хавфсиз таниш учун илк бор махсус тергов хоналари пайдо бўлди.
Илк инновацион ИИБнинг икки қаватли биноси Юнусободнинг 19-кварталида жойлашган. Бўлим шу атрофдаги 7 та маҳаллага хизмат кўрсатади. Биринчи қаватда паспорт бўлими жойлашган. Бу ерда илк бор электрон навбат тизими жорий этилган.
7-сон ИИБ иккинчи қаватида терговчилар хонаси, руҳшунос хонаси, болалар хонаси, конференц-зал ва махсус тергов хонаси жойлашган. Жабрланувчи ёки гувоҳ жиноятда гумонланувчини танишда қорайтирилган ойнанинг бу томонида туриб ўзини хавфсиз ҳис қилиши мумкин.
Тошкент ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, йил якунига қадар шаҳарда ана шундай тергов хоналарининг сони 40 тага етказилади.
Янги ИИБда бир нечта руҳшунос ишлайди, уларнинг барчаси аёллардир. ИИББ раҳбарияти фикрича, аёлларнинг ўз муаммоларини аёл-руҳшуносларга сўзлаб бериши осонроқ. Улар ўзини қулай ҳис қилиши учун шу ернинг ўзида болалар ҳудуди жиҳозланган.
Изоҳ (0)