17 январь, пайшанба куни футбол бўйича Осиё Кубоги—2019 мусобақаси «F» гуруҳида 3-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди.
Сўнгги турда Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа фаворитлардан бири Япония термасига қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг 40-дақиқасида Элдор Шомуродов ўнг қанотдан рақиб жарима майдонига ёриб кирди ва икки нафар футболчини алдаб, ўнг оёғи билан рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бу Элдорнинг мусобақадаги 4-голи бўлди.
Орадан 3 дақиқа ўтиб, Ёшинори Муто Сеи Муроя узатмасини боши билан Игнатий Нестеров дарвозасига киритди (1:1).
2-бўлимнинг 58-дақиқасида Цукаса Шиотани узоқ масофадан кучли зарб билан дарвозани ишғол қилди (2:1).
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ баҳсларини 2-ўринда тугаллади. Энди Ўзбекистон термаси мусобақанинг 1/8 финалида Австралия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Ўйин 21 январь куни бўлиб ўтади.
Гуруҳдаги иккинчи ўйинда Уммон термаси Туркманистон терма жамоаси билан беллашди.
1-бўлимнинг 20-дақиқасида Ал-Maxажирий Аҳмад Муборак ҳисобни очган бўлса (1:0), 41-дақиқага келиб Алтимурод Аннадурдиев ҳисобни тенглаштирди (1:1).
84-дақиқада Муҳсин ал-Ҳассаний арабларни ҳисобда олдинга олиб чиқди (2:1). Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида (90) Муҳаммад ал-Мусаламий жамоасининг 3-голига муаллифлик қилди.
Шу тариқа гуруҳда 3 очко билан 3-ўрин соҳиби бўлган Уммон ҳам плей-оффга йўл олди.
Осиё Кубоги—2019
«F» гуруҳи, 3-тур
17 январь, пайшанба
Япония—Ўзбекистон 2:1
Голлар: 0:1 — 40 Шомуродов, 1:1 — 43 Муто, 2:1 — 58 ШиотаниУммон—Туркманистон 3:1
Голлар: 1:0 — 20 Аҳмад Муборак, 1:1 — 41 Аннадурдиев, 2:1 — 84 Муҳсин ал-Ҳассаний, 3:1 — 90 ал-Мусаламий.Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)