18 январь, жума куни (Тошкент вақти билан 19 январь эрталаб) Рио Олимпиадаси чемпиони, жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби, бугунги кунда профессионал боксда фаолият олиб бораётган Фазлиддин Ғоибназаров доминиканлик боксчи Рикардо Гарсияга қарши рингга кўтарилади.
Фазлиддин мазкур жанг олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Жангга тайёргарлик якунланди. Машғулотлар юқори савияда ташкил этилди. Рақибим кутилмаган вазиятларни тақдим этади, деб ўйламайман. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, жароҳатим йўқ. Эртага вазн ўлчаш маросими, бир кун ўтиб эса жанг. Ўз ғалабам билан мухлисларни хурсанд қилмоқчиман», — дея боксчининг сўзларини келтирмоқда МОҚ матбуот хизмати.
Маълумот учун, Фазлиддин профессионал боксда 6 марта рингга кўтарилган ва барчасида ғалаба қозонган (3 та нокаут). Рикардо Гарсия эса 19 та жанг ўтказиб, 14 маротаба ғалаба қозонган (9 та нокаут). 4 та жангда эса мағлуб бўлган. Битта баҳсда дуранг натижа қайд этган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)