Ўтган йилда Фарғона вилояти Тошлоқ туман маъмурий судига туман ички ишлар бўлими томонидан диний маросимларни ўтказиш қоидаларини бузиш ҳамда диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш билан боғлиқ йигирмага яқин маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар мазмунан кўриб чиқишлик учун тақдим қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фото: UZ24

Хусусан, судга «Ҳонақа» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А. Ҳ га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201-моддаси 2-қисми билан тўпланган маъмурий иш хужжатлари келиб тушиб, суд мажлисида муҳокама қилинди. У ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмасада, диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиб, М. Мақсудованинг қонуний турмуш ўртоғи А. Камоловни бошқа бир аёлга шаърий никоҳлаб қўйганлиги аниқланди. Суднинг қарори билан унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

«Қумариқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи О. Н ҳам 2018 йил 21 март куни ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмасада, диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиб, ўз ўғлини бошқа бир аёлга шаърий никоҳлаб қўйган.

«Ҳонақа» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи К. Э ҳам Ш.Э билан қонуний никоҳи бўлишига қарамасдан ўзини М.О га шаърий никоҳлаб олган. Суднинг қарори билан унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Амалдаги тартибларга биноан шаръий никоҳ ўқиш диний маълумотга эга бўлган ваколатли шахслар томонидан амалга оширилади ва бунинг учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг рухсати керак бўлади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Тегишли идора рухсатисиз шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай фуқаро, мавқеидан қатъий назар қонун олдида жавобгардир.