Яқинда блогер Левик ўз блогида Бали соҳили ҳақида пост эълон қилди. У Бали соҳили ҳар доим интернетда кўринганидек чиройли жой эмаслигини кўрсатиб берди. Пост қуйида тўлиғича келтирилди.
Мана, ва ниҳоят, уйга қайтдим. Менимча, сизларга жаннатдек тасвирланадиган Бали соҳиллари ҳақида аччиқ ҳақиқатларни айтиб берадиган вақт келди деб ўйлайман. Ажабланарлиси, бу ҳақида тўлиб-тошиб ёзувчи бирорта блогернинг постларида ўқимайсиз. Уларнинг барчаси Балини қордек оппоқ қум ва ложувард сувга эга жозибали жаннат каби мақташади. Афсуски, аслида ҳамма нарса ҳам Интернетда ёзилган чиройли мақолалардагидек эмас.
Таътилга отлангач, худди мен каби ҳафсалангиз пир бўлмаслиги учун ҳаммасини рўйи рост, ортиқча бўёқларсиз айтиб бераман. Бу блогни ўқиб чиққач, Балида дам олишга отланган (ёки орзу қилаётган) дўстларингизга ҳам кўрсатинг. Ахир, огоҳлантирилган одам – қуролланган одам дегани-ку.
Агар «Бали» сўзи билан Instagram’да қидирув берсангиз, унда сиз бепоён соҳил ва чиройли одамларнинг фотосуратларини кўришингиз мумкин – уларнинг кўпи сарвқомат қизлар. Биз ҳам таътилда ана шундай оролга боришни кўзлаб чиққандик.
Шубҳасиз, узоқ кутилган таътилга келганидан кейин Instagram’га ҳеч ким оролда эмас, балки чиқинди ташланадиган жойга ўхшайдиган жойдаги суратларни жойлашни хоҳламайди. Ҳамма ҳам уйида қолган дўстларини ҳавасини келтириш учун чиройли суратларни намойиш қилишни хоҳлайди. Масалан, уларни Балига бориш фикрига ундаган суратларга ўхшаш суратларни.
Тан оламан, бу борада мен ҳам бироз айбдорман – масалан, янги йил олдидан ҳеч кимнинг кайфиятини бузмаслик учун ижтимоий тармоққа ёпиқ тоза чўмилиш ҳавзасида тушган суратимни жойладим.
Натижада одамови доиралар ҳосил бўлади – ҳеч ким ҳақиқатни биринчи бўлиб кўрсатишни хоҳламайди. Ҳеч ким жаннатмакон соҳилга интилиб, аслида ахлатхонага бориб қолганини тан олишни истамайди. Лекин бунга қандайдир чора кўриш керак-ку! Шунинг учун мен сизларга аслида ҳаммаси қандай кўринишда эканини айтиб бераман.
Шундай қилиб, биз Семинякга келдик, буюмларимизни виллада қолдириб, соҳилга шошдик. У ерга бордиг-у дарҳол кўнглимиз ғашланиб қолди.
Қумда бўшаган бутилкалар, пакетлар, конфет қоғозлари, стаканлар ёйилиб ётарди…
Соябон ва шезлонг (енгил креслонинг бир тури) бор жойларда бундай чиқиндилар нисбатан камроқ эди.
Бошқа жойларда эса кўп.
Бундан ташқари, қум устидаги пластмасса чиқиндиларининг адоғи кўринмайди – уларнинг изидан борсангиз сувнинг четигача, керак бўлса ундан ҳам наригача боришингиз мумкин. Қирғоққа яқин жойларда сув тўлқинлари узра стаканлар ва шиша бутилкалар сузаётганини кўрасиз. Бундай жойларда қандай қилиб ўтириш мумкинлиги ақлга сиғмайди. У ерда сузишни ўйлаш эса даҳшатнинг ўзи.
Лекин шунча чиқинди учун айбни фақат Бали аҳлига ёки ўзларини ортидан тозалаб кетмайдиган сайёҳларга ағдариш ҳам керак эмас. Сўнгги бир неча йил қиш ойлари оролда пластмасса мавсумига айланди.
Денгиз оқимлари жанубий-ғарбий соҳилига сузади (барча энг машҳур дам олиш масканлари жойлашган). У ерда эса қўшни ҳудуд Ява оролидан келган чиқиндилар йиғилиб қолган. Индонезия дунёдаги энг кўп чиқинди чиқарувчи мамлакатлардан бири бўлиб, бу ерда бир марталик пластмасса идишлардан жуда кўп фойдаланилади. Бундай қолдиқларнинг барчаси дастлаб маҳаллий дарёларда оқади, кейин денгизга чиқади. Декабрдан мартгача бўлган вақтда эса сайёҳлар жаннат деб ҳаёл қилган Бали қирғоқларигача оқиб боради.
Денгиз оқимлари соҳилга фақат платмасса уюмини ташиса майли эди. Баъзан Кут, Семиняк, Жимбаран ва бошқа чўмилиш ҳавзаларида катта ёғоч ходалар ҳам сузиб юрганига гувоҳ бўламиз.
Балки ғалати эшитилиши мумкин-у, аммо баъзиларга бу нарсалар умуман таъсир қилмайди. Одамлар мана шу чиқинди бутилкалар орасида бемалол шезлонгда узала тушиб ётадилар!
Мана шу ахлатлар орасида фарзандлари қум ўйнаб юришига ҳам йўл қўйиб беради!
Баъзилар хатто мана шу ифлос жойларда селфига ҳам тушади!
Маҳаллий ҳокимият ва қирғоқдаги меҳмонхона эгалари бундай вазият оролда туризмга жиддий зарар етказиши ва даромаднинг катта қисмидан маҳрум қилиши мумкинлигини тушунадилар. Шунинг учун қиммат меҳмонхона яқинидаги соҳил ишчилар ва кўнгиллилар томонидан ҳар куни эрталаб тозаланади. Улар эрта тонгда катта супурги ва хаскаш билан келади, кечадан буён тўпланиб ётган чиқиндиларни катта қопларга солиб, қаергадир олиб кетишади. Умид қиламанки, олиб кетилаётгандан пластмассалар дарёнинг бошқа бир жойига ташлаб юборилмайди, балки қаердадир қайта ишланади.
Соҳилдаги айрим жойларда қимматбаҳо меҳмонхона майдонининг ҳудуди қаерда тугаши яққол кўзга ташланади. Буни фаррошларнинг ишидан кўрсангиз бўлади.
Дам олишга келганларнинг аксарият қисми очиқ соҳилда эмас, балки соҳил клубларида вақт ўтказишни афзал кўради. Бунга ажабланишнинг ҳожати йўқ.
Бизнинг ўзимиз ҳам 31 декабрь куни вақтимизни мана шундай клубда ўтказдик.
Қолган кунлари эса биз денгизда эмас, балки бассейнда чўмила қолдик. Бали соҳиллари ҳафсаламизни жуда ҳам пир қилди.
Агар танишларингиздан кимдир Instagram’даги тоза соҳилни орзу қилиб, Балига отланган бўлса, уларга ушбу мақолани кўрсатинг. Оролда тозароқ соҳиллар бор, аммо уларга кириш учун қўшимча тўлов қилишингизга тўғри келади.
* * *
Ҳа, яна бир нарса... Бу муаммони фақат Бали билан боғлиқ, аслида дунёнинг бошқа бурчагида бошқа жаннатмакон соҳилни топса бўладику, деб ҳисобламанг. Токи одамлар шиша бутилкалар, стаканлар, целлофан пакетлардан оммавий равишда фойдаланар экан, эртами кечми, дунёдаги соҳилларнинг ҳаммаси пластмасса чиқиндилари билан қопланади
Бир марта ишлатиладиган пластмасса маҳсулотлари океанларни қанчалик ифлослашини жуда кўп эшитганман. Қайсидир денгизда Франция майдонига уч баравар келадиган пластмасса ороли ҳосил бўлганини ҳам эшитганман. Лекин энди ўзим бу ҳолатга юзма-юз келиб, бу қанчалар жирканч эканини ҳис қилдим.
Нима қилиш керак?
2019 йил январдан бошлаб Балида бир марталик пластмасса идишлардан фойдаланиш тақиқланди. Аммо ичимлик суви фақатгина бутилкаларда бўладиган оролда бу тақиқ қайдаражада амал қилиниши номаълум. Ҳатто бу қонун иш берган тақдирда ҳам муаммо ҳал бўлмайди. Чунки қиш ойларида денгиз тўлқинлари Ява томондан бир уюм чиқинди олиб келаверади.
Эртами кечми, биз барибир ҳаддан ортиқ даражада пластмасса идишларни ишлатишимизни англашимиз керак. Мана шу одатимиз ҳақида чуқур ўйлаб кўришимиз керак.
Изоҳ (0)