Малайзиянинг етакчи балиқчилик компанияларидан бири A Farm Agrotech Sdn Bhd Хоразм вилоятида кластер ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда, деб ёзади «Podrobno.uz».
Интенсив балиқчилик кластери комплекс ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Бу ерда инкубацион цехлар, балиқ ва увулдириқлар ишлаб чиқариш, балиқлар учун таркибида оқсил юқори бўлган озуқа чиқариш, шунингдек, балиқчилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлашни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
A Farm Agrotech Sdn Bhd компанияси ўндан ортиқ балиқ турини ишлаб чиқаришни таъминловчи замонавий энергия тежамкор технологияларга эга. Компаниянинг ҳафталик балиқ ишлаб чиқариш ҳажми 10 тоннадан ортиқдир. Маҳсулотлар Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига экспорт қилинади.
Бундан ташқари, A Farm Agrotech Sdn Bhd компанияси Ўзбекистонда замонавий балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш соҳасида тренинглар ўтказиш хизматини таклиф этмоқда.
24 январь куни Ўзбекистоннинг балиқчилик соҳасидаги компаниялари билан мазкур инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича режаларни муҳокама қилиш учун музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)