Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар уларнинг шахси ва Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқлангандан сўнг паспорт олиши мумкин, деб ёзади «Газета.uz».
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга паспорт бериш механизми Реабилитация марказлари тўғрисидаги низомга киритилди. Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланди.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар шахсини тасдиқловчи вақтинчалик маълумотнома билан туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат этганда қуйидагилар амалга оширилади:
муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги унинг туғилган вақти ва жойи, қаерда яшаганлиги, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа яқин қариндошлари, аввалги доимий прописка қилинган манзили ҳақидаги маълумотларни аниқлаш орқали ўрганиб чиқилади;
Ўзбекистон Республикаси ёки бошқа давлат фуқаролигига мансублиги аниқланмаган тақдирда, туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари шахсини тасдиқловчи вақтинча маълумотномани белгиланган тартибда беради, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда доимий пропискани расмийлаштириш, яшаш гувоҳномасини ҳужжатлаштириш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти билан аввал ҳужжатлаштирилган, аммо уни йўқотиб қўйган ва доимий пропискаси бўлмаган (суд қарори билан доимий пропискадан чиқариб юборилган ва/ёки доимий пропискага қўйишга асослари мавжуд бўлмаган) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга истисно тариқасида, вақтинчалик прописка асосида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти қайта расмийлаштирилади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг фуқаролик паспортларини расмийлаштириш учун давлат божлари шаҳар ва вилоятлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
Зарур бўлганда, реабилитация марказининг буюртманомасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан уларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан йўл харажатлари учун пул берилади.
Изоҳ (0)