Африка футбол конфедерацияси (CAF) талқинига кўра, «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ 2018 йилда Африканинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда ташкилот ўзининг Twitter’даги расмий саҳифасида хабар берди.
Салоҳ бу йўлда клубдаги жамоадоши, сенегаллик Садио Мане ва габонлик «Арсенал» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянгни доғда қолдирди. Ўтган йили ҳам Салоҳ ушбу ўйинчиларни ортда қолдириб, мукофотга эга чиққанди.
26 ёшли Миср терма жамоаси ҳужумчиси натижада мазкур совринга кетма-кет иккинчи марта сазовор бўлди.
Аввалроқ Салоҳ BBC талқини бўйича Африканинг 2018 йилдаги энг яхши футболчиси дея эътироф этилганди.
Маълумот учун, ушбу мавсумда мисрлик ҳужумчи 21 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол урди ва 8 та голли узатма берди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)