29 декабрь, шанба куни Италия А Сериясининг 19-тур баҳслари доирасида «Аталанта» «Сассуоло» клубини йирик ҳисобда мағлубиятга учратди (6:2).
Ўйинда Бергамо шаҳри клуби ҳужумчиси Дуван Сапата 1 та голга муаллифлик қилди. 27 ёшли футболчи А Серия доирасида декабрда бўлиб ўтган 6 та учрашувда 9 та гол уришга муваффақ бўлди. Шулардан 2 тасини «Ювентус» дарвозасига киритган бўлса, «Удинезе» билан кечган баҳсда ҳет-трикка эришди.
Бир календар ойи ҳисобида 9 та гол уриш — А Серия тарихидаги иккинчи энг яхши натижа ҳисобланади. 1950 йилда «Милан» собиқ ўйинчиси Гуннар Нордал бир ойдаги ўйинларда 10 та гол уриб, рекорд ўрнатганди.
Opta’нинг ёзишича, Сапатадан ташқари бир ойда 9 та гол уриш Сержио Бригенти (1961 йил апрель), Жузеппе Меацса (1938 йил январь) ва Антонио Анжелилло (1958 йил октябрь) каби футболчиларга ҳам насиб қилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)