Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида 27 декабрь куни оғир йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 4 киши оламдан ўтди, деб хабар беради «Халқ сўзи».
Бахтсиз ҳодиса Nexia-3 автомашинасининг бетон тўсиққа бориб урилганлиги оқибатида содир бўлганлиги айтилмоқда. Кучли зарба автомашинанинг газ баллони отилишига сабаб бўлган.
Вафот этган фуқароларнинг икки нафари Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида фаолият юритиб келган (бири вазир ўринбосари, иккинчиси ҳайдовчи), бир киши Туямўйин-Нукус минтақавий сув ўтказгичидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва яна бири Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши етакчи мутахассисидир.
ЙТҲнинг содир бўлишига асфальт йўлнинг сирпанчиқлиги сабаб бўлганлиги айтилмоқда. Воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.