«Реал Мадрид» Лондоннинг «Челси» клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Эден Азарни қўлга киритишга яна бир бор уриниб кўради, дея хабар беради Оnda Cero.
Мадрид жамоаси раҳбарияти бельгиялик футболчи эвазига клубнинг иккита футболчиси — Иско ва Матео Ковачични «аристократлар»га бериш таклифи билан чиқмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг август ойида Ковачич «Челси»га ижарага берилганди. Манбада ёзилишича, Лондон клуби 24 ёшли хорватиялик ярим ҳимоячи хизматидан мамнун ва ҳамкорликни давом эттириш истагида.
Иско ҳамда «Реал» бош мураббийи Сантьяго Солари ўртасида келишмовчиликлар мавжуд. Аввалроқ «Челси» Искога ҳам қизиқиш билдирганди.
Азар 2012 йилдан буён «Челси» таркибида тўп сурмоқда. Жорий мавсумда бельгиялик ўйинчи лондонликлар сафида 17 учрашув ўтказиб, 8 та гол урди ва 9 та голли узатма берган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)