Sputnik мухбири Россия осмонидаги 9 соатлик парвоз давомида вафот этишига бир баҳя қолган ўзбекистонлик аёлни қутқариб қолган шифокор билан боғланди.
Ҳодиса 10 декабрь куни Петропавловск—Камчатка—Москва рейсини бажараётган самолётда юз берди. Шу рейс билан парвоз қилаётган шифокорнинг профессионал ҳаракатлари туфайли аёлни шифокорларга топширишга эришилди.
Камчатка ҳалокатлар тиббиёти маркази шифокори Александр Анатольевич Просин Москвага хизмат сафарига учаётган эди. Самолёт командири йўловчилардан бирига ёрдам кераклигини эълон қилганда, Александр ёрдамга шошилди.
У аёлни кўздан кечириб, унинг ёнидаги ҳужжатларни ўрганиб чиққанда, аёл ҳаётига хавф солувчи вазиятда (ички қон кетиш) эканлиги аниқланди. Бундай вазиятда шошилинч жарроҳлик аралашуви талаб этилади.
«Самолётни зудлик билан яқинроқ жойлашган аэропортга қўндириш зарур эди. Ҳавода қўлимдан келгани — дори қутисидаги дори воситаларидан фойдаланиб, оғриқсизлантирувчи восита қилиш ва унинг аҳволини кузатиш бўлди», — дейди шифокор. У экипаж командирига аёлнинг аҳволи жуда ёмонлиги ва самолётни шошилинч қўндириш кераклигини тушунтирган.
Ерда беморни «Тез ёрдам» жамоаси кутиб олиб, у шифохонага етказилган.
Изоҳ (0)