Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини ошириш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, шунингдек, турар-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича қонун ҳужжатлари ижроси адлия органлари томонидан ўрганиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Исоқов қуйидагиларни маълум қилди:
— Айни кунларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишга, қишнинг совуқ кунларида одамларнинг қийналиб қолмаслиги учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бевосита жойларда бўлиб ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиш жараёнида анча камчиликлар кўзга ташланди. Масалан, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларга кўмир маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмаётгани, кўмир маҳсулотлари вақтинча сақланаётган омборларда санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаётгани, ижтимоий ва турар жой объектларининг том қисмлари таъмирланмагани, иситиш тизимлари таъмирталаб ёки хоналар ичида носоз жойлаштирилгани, суюлтирилган углеводород гази, иситиш тизимлари, электр энергияси билан таъминлашдаги узилишлар, ҳаво ҳарорати давлат стандартлари ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар шулар жумласидандир.
Жумладан, Косон туманида жойлашган 2, 5, 33, 85 ва 94-сонли мактаблар газ тармоғига уланмагани аниқланди. Туман адлия бўлимининг амалий ёрдами билан ушбу таълим муассасалари газ тармоғига уланди. Тумандаги 41 ва 42-сонли мактабларга 22 тонна кўмир етказиб берилди.
Қарши туманидаги 1 ва 33-сонли мактаблар қарздорлиги бўлгани сабабли газ тармоғидан узиб қўйилган экан. Ушбу ҳолат юзасидан туман адлия бўлими томонидан халқ таълими бўлимига кўрсатма берилиб, газ ҳисоблагичлар ўрнатилди ва қайта тармоққа уланди.
Вилоятнинг олис ҳудудларидан бири Деҳқонобод туманидаги Аэродром маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 89-сонли мактабда кўмир камлиги аниқланиб, туман адлия бўлимининг амалий ёрдами билан қўшимча 3 тонна кўмир олиб берилди.
Қайд этилган ҳолатлар ўз вақтида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилиб, қонунбузилишларига барҳам берилади.
Изоҳ (0)