Айни кунлардаги долзарб вазифалардан бири — куз-қиш мавсумига тайёргарликни ўрганиш мобайнида аниқланган биргина муаммо ёки камчиликнинг ҳал этилиши одамларни қанчадан-қанча ташвишлардан халос этади. Хўш, Бухоро вилоятида ушбу йўналишдаги ишлар қандай олиб бориляпти? Қайд этилган камчиликлар қай даражада бартараф этиляпти? Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Туйғун Азимовга шу каби саволлар билан мурожаат қилди.
— Ҳудудлардаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилиши асносида шунга амин бўлдикки, ҳали қилинажак вазифалар кўп экан, — дейди Туйғун Азимов. — Чунончи, вилоят адлия бошқармаси туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари, лицей ва коллежлар, бошқа ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларида айни йўналишдаги ишлар таҳлил қилинганда, одамларни қийнаётган кўплаб муаммоларга дуч келинди. Вилоят адлия бошқармаси ва Бухоро туман адлия бўлими ҳамкорлигида тумандаги Боғикалон қишлоғида бўлиб ўтган сайёр қабул жараёнида мазкур ҳудуддаги Қўшқодим қишлоғида хонадонлар белгиланган муддатда суюлтирилган газ балонлар билан таъминланмагани аниқланди. Шу куниёқ аҳолига суюлтирилган газ балонлари берилди.
Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси ва Когон туман адлия бўлими ҳамкорлигида тумандаги «Хўжа-Якшанба» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабул пайтида ҳам ана шундай муаммо аниқланиб, ўша куни 108 та хонадонга суюлтирилган газ балонлари тарқатилди.
Бундай нохуш ҳолатларнинг таълим муассасаларида учраётгани ачинарли. Бухоро туманидаги 13-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида газ босими паст бўлиб, синф хоналари белгиланган меъёр даражасида иситилмаган. Натижада ўқувчилар совуқ хоналарда сабоқ олаётганига гувоҳ бўлдик. Туман адлия бўлими томонидан муаммо жойида ҳал этилиб, газ босими мўътадил ҳолатга келтирилди.
Ўтказилган текширув натижалари юзасидан мутасадди ташкилотларга адлия идоралари томонидан тақдимнома ва огоҳномалар киритилди.
Бу борада ўрганишлар узлуксиз равишда давом эттирилади.
Изоҳ (0)