Тошкентда бўладиган «Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва 2019 йил учун «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форумида 300 дан ортиқ олимлар, мутахассислар, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Muslim.uz» хабар берди.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган ушбу тадбирда хорижий мамлакатларнинг кутубхоналари, музейлари, илмий муассасалари, шахсий коллекцияларидан топилган янги осори атиқалар ҳақида батафсил маълумот берилади.
Шундай нодир топилмалардан бири мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг Буюк Британиядан топилган, унинг тириклик пайтида кўчирилган ноёб қўлёзмасидир.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси, «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бу ҳақда шундай деди:
Мазкур қўлёзмалар ‘Хамса’ бешлиги таркибига кирган, алоҳида муқоваланган достонлар бўлиб, XV аср охири XVI аср бошларидан Ҳиротда, темурий шаҳзода, Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли Бадиуззамон Мирзо топшириғига кўра, Алишер Навоийга туҳфа қилиш учун кўчирилган. Бу қўлёзмалар Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳридаги Бодлеан кутубхонасида сақланмоқда. Биз бу ерда фақат тўртта достонни топа олдик. Демак, улардан яна бири қаердадир бўлиши керак. Китоблар жуда чиройли безатилган, алоҳида дид ва маҳорат билан кўчирилган. Қўлёзмалар Навоий асарларининг асосий котиби Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган, миниатюраларни Камолиддин Беҳзод ишлаган бўлиши ҳақиқатга яқин. Ҳали бу асарлар тегишли мутахассислар томонидан жиддий ўрганилиши, тадқиқ этилиши лозим. Чунки биз бу топилмалар ҳақида таниқли навоийшунос олимларимизга айтганимизда, улар ҳайратда қолишди. Буни қарангки, шу пайтгача бу қўлёзмалар адабиётшунослар учун сир бўлиб келган. Биз келгусида, албатта, буюк боболаримизга тегишли бу жавоҳирларнинг аслиятдан қолишмайдиган факсимиле нусхаларини тайёрлаб, туҳфа этамиз. Форумнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда иштирокчилар хорижий мамлакатларда сақланаётган «Катта Лангар Қуръони», «Девони Ҳусайний», «Меърожнома», «Зафарнома», «Темур тузуклари», «Равзат ус-сафо» китоблари билан танишишга муваффақ бўлади.
Изоҳ (0)