«Дарё» таҳририятига Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида яшовчи II гуруҳ ногирони Гулсун Умрзоқова шаҳардаги бирламчи тиббиёт масканларидаги камчиликлар, тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг қониқарсизлиги ва ногиронлик аравачаси олиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаат қилди. «Дарё» мухбири мазкур мурожаат бўйича суриштирув ўтказди.
Гулсун Умрзоқова Қувасой шаҳар, «Найман» маҳалла фуқаролар йиғини, Шинам кўчасида яшайди. У бир неча йиллардан бери ревматизм касаллигидан азият чекиб келмоқда. II гуруҳ ногирони. Уч нафар фарзанди бор. Яшаш шароити оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож. Касаллиги мунтазам даволанишни тақозо қилади, лекин имконияти йўқ. Қанча мутасаддилар бу хонадонга келиб кетган бўлса-да, ногирон аёлга бирор амалий ёрдам кўрсатилмаган. Сектор раҳбарлари, Республика ишчи гуруҳи вакиллари ҳам Г.Умрзоқованинг муаммоларига етарли даражада эътибор бермаган.
Умрзоқованинг айтишича, ногиронлик аравачаси олишда ёрдам сўраб кўп жойга мурожаат қилган. Лекин ҳозиргача натижа бўлмаган. Сотиб олишга эса имконияти йўқ. Бундан ташқари, ҳудудий тиббиёт масканида кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат уни ва бошқа беморларни қаноатлантирадиган даражада эмас.
Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, айни пайтда Қувасой шаҳрида аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи 3 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 3 та қишлоқ врачлик пункти бор.
Умрзоқова яшовчи «Найман» маҳалла фуқаролар йиғинида 3-қишлоқ оилавий поликлиникасининг тиббиёт пункти фаолият кўрсатади.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдулҳошим Қўзиевнинг айтишича, мазкур тиббиёт пункти 2014 йилда аҳоли таклифи билан ташкил этилган. Бугунги кунда тиббиёт пункти маҳаллада истиқомат қилувчи 2 минг 500 га яқин аҳолига хизмат кўрсатади. Тўғри, «Найман» МФЙ вилоятнинг чекка ҳудудда жойлашган, транспорт қатнови ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Бироқ, шундай бўлса-да, тиббиёт масканида аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур шароит бўлиши керак эмасми?
Аслида-чи? Аслида, бу ерда ишлаётган умумий амалиёт шифокори ва ҳамшираларга етарли шароит яратилмаган. Қиш мавсумига етарли даражада тайёргарлик кўрилмаган, хоналар совуқ. Шунингдек, айрим тиббий жиҳозларнинг яроқлилик муддати тугаб, маънан эскирган.
Валик маҳалласидаги қишлоқ оилавий поликлиникаси яқинда реконструкция қилинган. 9 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатаётган бу масканда ҳам шароит талаб даражасида эмас. Аксарият хоналар бўм-бўш. Бу ерда бўлганимизда поликлиника мудири Феруза Орифжонова ҳамда патронаж ҳамширалар шаҳар тиббиёт бирлашмасига йиғилишга кетганини айтишди. Тор доирадаги мутахассислардан фақат терапевт ишлаётган экан. Аслида бу маскан туну кун аҳоли хизматида бўлиш керак. Қурилиш ишлари ҳам тўлиқ якунланмаган. Айрим хоналарда иссиқлик тизими ишламаяпти.
Муаммолар юзасидан фикрини билиш мақсадида, Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Баҳром Тошболтаев билан боғландик. Шаҳар бош шифокорининг айтишича, қишлоқ поликлиникасидаги муаммолар тез орада бартараф этилади.
Қувасой шаҳридаги сектор раҳбарлари бу муаммолардан бехабар эдими? Қишнинг биринчи ойига қадар ҳал этилмаган камчиликларни қисқа вақт ичида тузатиш мумкинми? Қишлоқ поликлиникасидаги шароитларни яхшилаб, камчиликларни тузатишнинг имкони борми? II гуруҳ ногирони Гулсун Умрзоқова қачон ногиронлик аравачаси билан таъминланади? Бу саволларга вилоятдаги масъуллардан жавоб кутиб қоламиз.
Ҳозирча эса, айрим раҳбарларнинг бефарқлиги боис Қувасойда аҳоли бирламчи тиббий хизматдан норози бўлмоқда.
Изоҳ (0)