Инновацион ривожланиш вазирлиги халқаро экспертлар билан ҳамкорликда аллергия паспортини яратиш бўйича дастурни амалга оширди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Аллергенларга индивидуал сезувчанликни аниқлаш, олинган натижаларни тўғри таҳлил қилиш ҳамда натижаларни мутахассислар ва ота-оналар учун махсус бланкка киритиш талаб этилади.
Маълум қилинишича, паспорт икки хил шаклда чиқарилади. Шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган шакли аллерген манбалари ва юқори хавф туғдирадиган алоҳида молекулалар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек QR-код (тез таъсир кўрсатадиган код)ини ўз ичига оладиган икки томонлама пластик карта тарзида тақдим этилган.
QR-код катта ҳажмдаги маълумотларни ўз ичига олади ва молекуляр текширув бўйича тўлиқ ахборот ёзилган қоғоз шаклли паспортдаги барча маълумотларни ўқиш имконини беради. Масалан, беморга шошилинч ёрдам керак бўлиб қолганида, шифокорлар зарур маълумотларни QR-код орқали билиб олишлари мумкин бўлади.
Мазкур паспорт Ўзбекистон фуқароларининг хорижга сафарлари чоғида ишлатилиши мумкинлигини назарга олган ҳолда, паспорт инглиз ва рус тилларидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олади.
Фуқаролар 2019 йилдан бошлаб шахсий аллергия паспортларини олишлари мумкин бўлади.
Изоҳ (0)