«Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси атом энергетикаси соҳасидаги Украина тажрибаси билан танишиш мақсадида Украинага ташриф буюрди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлигининг матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади UzDaily.
Ташриф доирасида 27 ноябрь куни ўзбек делегацияси Хмельницк АЭСда бўлди, у ерда «Ўзатом» вакиллари ўқув-машғулот маркази, машина бўлимига ташриф буюрди ва 3-станция энергоблоки қурилиш майдончасига борди.
28 ноябрь куни «Энергоатом» марказий офисида «Энергоатом» миллий атом энергия ишлаб чиқарувчи компанияси Давлат корхонаси президенти Юрий Недашковский билан делегациянинг учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Юрий Недашковский «Энергоатом» АЭС юқори малакали ходимларини тайёрлаш учун кенг имкониятларга эга эканлигини таъкидлади.
Икки томонлама ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси АЭС учун кадрлар тайёрлаш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)