«Турк ҳаво йўллари» авиакомпанияси ўзбекистонлик журналистлар учун махсус Истанбул шаҳри ва компаниянинг учувчилар тайёрлаш марказига, ошхона ва хизмат кўрсатиш бўлимларига медиа-тур ташкил этди. Медиа-турнинг энг қизиқ қисми – компания вице-президенти Тунжай Эминоғлунинг интервьюси бўлди, деб ёзади ЎзА.
– Турк ҳаво йўллари Бухоро шаҳрига ҳам авиақатновлар йўлга қўядими?
Тунжай Эминоғлу: — Ўзбекистон бизнинг компания учун жуда даромадли ва муҳим бозор ҳисобланади. Қолаверса, икки давлат орасида визасиз киришга рухсат этилгач, қатновлар кўпайди. Бу биз учун катта қулайлик бўлди. Ўтган йили Истанбул—Тошкент рейслари кунига бир марта амалга ошириларди. Ўзбекистон ҳаво йўлларида ва бизда кунига 1 маротабалик рейс бўлган. Бугунги кунда ҳафтасига 10 маротаба икки давлат ўртасида авиақатновлар амалга ошмоқда. Бундан ташқари, март ойидан Самарқанд—Истанбул рейслари ҳам очилди. Самарқандда ҳозирда ҳафтада икки маротаба бизнинг ва Ўзбекистон ҳаво йўлларининг қатновлари йўлга қўйилган. Келаси йил апрель ойидан авиақатновларимиз кунига икки маротаба бўлади, Самарқанд рейслари эса ҳафтасига 3 марта бўлиши кутилмоқда. Балки, келажакда Бухорога ҳам авиақатновлар йўлга қўйилар. Биз бундан манфаатдормиз, албатта. Бизнинг Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз ҳам буни маъқулласа биргаликда Бухорода ҳам қатновларни очишимиз мумкин. Лекин, бу жорий йилда режалаштирилмаган. Қайсидир янги шаҳарга қатновларни йўлга қўйиш бизнинг ҳамкорларимиз «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳамкорлигида амалга ошади. Биз Ўзбекистоннинг миллий авиакомпанияси билан рақобатчилар эмас, ҳамкорлармиз.
– «Турк ҳаво йўллари» авиачипталари Европа қатновларида арзонроқ. Ўзбекистон учун ҳам нархларни арзонлаштириш мумкинми?
– Европа давлатларида «ТХЙ» авиабилетлари арзонроқ бўлиши мумкин. Бу кўп омилларга боғлиқ. Шунингдек, қатновлар қанчалик кўп бўлса нархлар ҳам шунча арзонлашади. Апрель ойидан Тошкент—Истанбул қатновлари кўпаяди. Биз апрель ойидан нархларга ўзгартириш киритишимиз мумкин. Балки уларни арзонлаштириш имкони бўлар. Ҳозирда Ўзбекистонга европаликлар, хусусан Испания аҳолиси жуда қизиқмоқда. Қатновлар кўпайиб, нархларнинг тушиши ҳар томонлама фойдали ечим бўлади.
– «Турк ҳаво йўллари» йирик спорт ўйинларига ҳомийлик қилади? Ўзбекистонда ҳам ижтимоий лойиҳа ва спорт ўйинларига хомийлик қилиш нияти борми?
– «Турк ҳаво йўллари» асосан катта спорт ўйинларига ҳомийлик қилиб келган. Таклифлар бўлса, балки Ўзбекистонда ҳам ҳомийлик ишларини йўлга қўйишимиз мумкин.
– Ёзда мавсумий чартер рейсларини йўлга қўйиш режалаштирилганми?
– Ҳозирда бизда чартер рейсларини амалга ошириш ҳуқуқи йўқ. Агар рухсат бўлса, биз Анталия—Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўямиз. Маълум бир гуруҳлар бўлса, биз чартерни ҳам амалга оширамиз.
Изоҳ (0)