Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 26 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ингибёрг Солрун Гисладоттир хоним бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур учрашув 22—23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик» мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов меҳмонларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумидаги иштироки ҳамда ушбу халқаро ташкилот вакилларининг Ўзбекистондаги сайловларда кузатувчи сифатида 1999 йилдан бери фаол қатнашиб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда мамлакатда сайловларни демократик тамойиллар ва халқаро стандартларга мувофиқ очиқ ва эркин ўтказиш мақсадида сайлов тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш жараёнида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг таклиф ва тавсиялари ҳар томонлама ўрганилаётгани ва инобатга олинаётгани таъкидланди.
16—17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида «Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва демократик сайловлар: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусидаги халқаро конференция доирасида Сайлов кодекси лойиҳасининг экспертлик муҳокамаси ўтказилди.
Ингибёрг Солрун Гисладоттир хоним мамлакатда сайлов тизимини янада такомиллаштириш масалалари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил декабрь ойида Олий Мажлисга Мурожаатномасида Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича қўйилган вазифаларга катта эътибор берилаётганини юқори баҳолади.
Томонлар мулоқот давомида ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва изчил давом эттириш юзасидан фикр алмашди.
Изоҳ (0)