Ўзбекистон Президентининг 1 ноябрдаги «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 22 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Унда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тартиби ва уни 2019 йилда ташкиллаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди, деб хабар беради ЎзА.
Қарорда қайд этилишича, фестиваль ҳар икки йилда бир марта, 5-10 апрель кунлари Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ўтказилади. Фестивальни ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита томонидан белгиланади.
Фестиваль доирасида бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг шарқ маданияти ва санъатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш ва бошқа масалаларга оид илмий-амалий конференция, хорижий ва Ўзбекистон бахшичилик санъати усталарининг якка концертлари, бахши-шоир, оқин ва жировлар ҳамда фолклор жамоаларининг Халқаро кўрик танлови, сайиллар. мамлакатнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастур намойишлари, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши ўтказилади.
Кўрик-танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
«Гран-при» — 7 000 доллар;
1-ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2х5 000 — 10 000 доллар;
2-ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича )2хЗ 500 — 7 000 доллар;
3-ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2х2 500 — 5 000 доллар.
Фестивальнинг хар бир қатнашчисига «Халқаро бахшичилик санъати фестивали»нинг фаол иштирокчиси сертификати берилади.
Изоҳ (0)