2018 йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюссель шаҳрида Бельгия бош вазири ўринбосари, Ташқи ва Европа ишлари вазири Дидье Рейндерс билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда ҳамкорликни, жумладан Ўзбекистон—Европа иттифоқи шаклидаги алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига асосий эътибор берган ҳолда икки томонлама муносабатлар кўриб чиқилди.
Бельгия томони БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2019—2020 йиллардаги доимий бўлмаган аъзолари сайловида Ўзбекистоннинг Бельгия номзодига овоз бергани учун миннатдорчилик изҳор этди.
Суҳбатда икки томон ҳам савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни чуқурлаштиришга муҳим аҳамият бериши таъкидланди. Ўзбекистон томони иқтисодиётнинг текстил, электротехника саноати, қурилиш индустрияси каби соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда Бельгия ишбилармон доираларининг фаоллашувини қўллаб-қувватлайди.
Учрашувда экология, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)