Парламент қуйи палатасида «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилиши режалаштирилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди, деб ёзади ЎзА.
Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишдан сўнг фракция аъзолари, депутатлар ва экспертлар иштирокида қайта кўриб чиқилиб, тушунчалар оптималлаштирилди ҳамда қонунни янги таҳрирда эмас, балки бутунлай янги қонун сифатида қабул қилиш таклифи маъқулланиб, тайёрланди. Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тузиш, чоп этиш, рўйхатга олиш, сақлаш, бажариш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тартибини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органлари ишининг самарадорлигини, жавобгарлигини ва улар томонидан ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар сифатини ошириш, томонлар битимларни лозим тарзда бажараётганлари устидан назоратни таъминлашга хизмат қилади.
Айни пайтда қонуннинг тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишини таъминлаш мақсадида, қонун лойиҳаси шу соҳада амалдаги 2 қонун ва 3 қонуности ҳужжатларини бирлаштириш асосида ягона комплекс қонун сифатида тайёрлангани сабабли мазкур қонунни қабул қилиш қўшимча равишда қонуности ҳужжатлари қабул қилишни талаб этмайди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси» давлат порталига жойлаштирилиб, жамоатчилик муҳокамаси натижасида 15 таклиф ва шарҳ келиб тушгани, бунда халқаро шартномага қўшимча шартлар, халқаро шартнома ҳисобланмаган халқаро актларга доир асослантирилган таклифлар берилгани ҳамда қабул қилингани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда, шунингдек, бошқа қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, барча масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Изоҳ (0)