Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Бек Слустер масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон—Буюк Британия қўшма корхонаси раҳбари Улуғбек Сотиболдиев Гулистон давлат университети талабалари даврасида бўлди, деб ёзади ЎзА.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши томонидан «Сенатор ва ёшлар» лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда талабалар, профессор-ўқитувчилар, Ёшлар иттифоқи ҳамда партия фаоллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳамияти, қабул қилинаётган ҳужжатлар мазмун-моҳияти, қишлоқ хўжалигида кластернинг афзалликлари, тадбиркорлик учун яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар ҳақида ҳаётий мисоллар асосида фикр юритилди.
«Лойиҳадан кўзланган мақсад ёшларни мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнига кенг жалб этиш, — дейди партия вилоят кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ҳусан Жабборов. — Очиқ мулоқот тарзидаги бундай тадбирларда ёшларнинг фаоллиги, баъзан жуда ўринли таклифлар билан чиқаётгани қувонарли. Бугунги учрашувда ҳам талабаларни қийнаётган масалалар хусусида фикр алмашилди, ўз бизнес режасига эга бўлган ёшларга маслаҳат берилди ва йўл-йўриқ кўрсатилди».
Изоҳ (0)