Қашқадарё вилояти Косон тумани МИБ ходимлари томонидан ўтказилган текширишда фуқаро Юнусжон Жалолов уйида яширин цех ташкил этганлиги аниқланди. Бу ҳақда бюро матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Дастлаб фуқаро МИБ ходимлари, маҳалла посбони ва маҳалла участка нозиридан иборат ишчи гуруҳни уйга киритишни истамай қаршилик кўрсатган, баланд овозда уларни ҳар хил гаплар билан ҳақоратлаган. Бундан фойда бўлмагач, уларни уйдан болта билан қувиб чиқармоқчи бўлган.
Аниқланишича, Косон тумани «Аралиқ» маҳалласида яшовчи фуқаро Юнусжон Жалолов яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик биносида яширин равишда қўлбола усулда тайёрланган цех ташкил қилиб, чигитдан ёғ ҳамда кунжара маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келган ҳамда 112 литр истеъмолга яроқсиз жувоз ёғи ва 13 турдаги жами 3 566 264 сўмлик маҳсулот тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, фуқаро электр тармоғига ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда уланиб, 32 кун давомида давлат ва жамоат манфаатларига 3 247 949 сўмлик зарар етказган.
Фуқарога нисбатан чигитдан олинадиган маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш жиноятини содир этганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1862-моддаси ҳамда ҳокимият вакилининг қонуний ҳаракатига қаршилик кўрсатганлиги сабабли шу Кодекснинг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)