18 ноябрь куни эрталаб австралиялик марафончи хоним Гули Емма Серафина Линдсей (Гули Мина) Нукус шаҳридан Орол денгизи сари югуриб кетди. Бутун дунё бўйлаб 100 кун ичида 100 та марафонни амалга ошираётган австралиялик хонимнинг мақсади – дунё ҳамжамияти эътиборини сув муаммосига қаратишдир. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Стокгольмдаги Глобал сув ҳамкорлиги ташкилоти ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ўтказилаётган «Юз марафон, Юз кун, Битта сабаб: Сув» спорт-тарғибот акцияси бутун дунё бўйлаб ўтказилмоқда. Акция ижрочиси Гули Минага шифокор, ошпаз, видеоператор, фотограф, экспедиция раҳбари ҳамроҳлик қилмоқда. Улар Ўзбекистонда, Оролбўйида ушбу тадбирни 7 кун давомида амалга оширади.
Мазкур тадбир жорий йил 4 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳридан бошланган. Марафончи ҳар куни 42,2 километр масофани югуриб ўтади. Орол денгизигача бўлган марафонни уюштиришда Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси агентлиги ҳамкорлик қилмоқда.
Акция иштирокчилари марафон давомида Мўйноқдаги «Кемалар қабристони»га ташриф буюради, сўнг Учсой қишлоғи орқали 160 километр узоқлаб кетган Ғарбий Орол соҳилларига қарай югуришни давом эттиради. Қайтишда эса Мўйноқдаги Дарёоралиғи сув сақлагичига боради. Марафончининг келгуси сафари Хитой давлатида давом этади.
Австралиялик марафончи хоним Гули Емма Серафина Линдсей Нукус шаҳрида марафон олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Бахитжан Сагийдуллаевлар билан учрашди.
Изоҳ (0)