Тошкентда давом этаётган «Ноширлик иши: китобхонларнинг бадиий-услубий савияси, китобхон эҳтиёжини қондириш борасида таклиф ва тавсиялар» мавзусида ўтказилаётган амалий конференцияда филология фанлари номзоди Омонулла Мадаев сўзга чиқиб, китобхонликни аввало ўқитувчилардан бошлаш керак деган таклифни киритди, деб ёзади ЎзА.
«Шу нарсани эсдан чиқармаслик керакки, инсон китобхонлик билангина ўз даражасини сақлаб қолади, — деди Омонулла Мадаев. — Фақат китобхон устоз китобхон шогирдни шакллантиради. Биринчи навбатда Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Матбуот ва ахборот агентлиги бирлашиб мактабларда адабиётдан дарс берадиган ўқитувчиларнинг савиясини ошириш масаласини ўйлаши керак. Яқинда Тошкент шаҳар ўқитувчиларни малакасини ошириш институтида маъруза қилдим, шунда ‘Ким ‘Ўткан кунларъни ўқиган?’ деб савол бердим. 100 фоиз ўқиганини айтиб, қўл кўтарди. Шунда бу билан масала ҳал бўлмайди, ‘ким бир йил аввал ўқиган?’ десам, қўл кўтармади... ‘Ким икки йил аввал ўқиган?’, десам ҳеч ким қўл кўтармади... ‘Ким тўрт йил аввал ўқиган?’, деб сўраганимда, бир икки киши қўл кўтарди. Ваҳоланки у ‘Ўткан кунлар’ романидаги парчани мактабда ўтади. Демак, у ҳар йили мактабда бу дарсни ўтишдан олдин романни ўқиб, кейин синфга кириши керак».
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуровнинг маълумот беришича, 2018 йилнинг ўтган 9 ойи давомида агентлик томонидан ўтказилган китоб мониторинги натижасида 479 та қонун бузилиши аниқланган ва нашриётларга 50 дан ортиқ тақдимнома ва кўрсатмалар киритилган. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида» ги қонуни талаблари 87 марта бузилган.
Изоҳ (0)