Урганчлик фуқаро бўйнига салкам уч ярим миллион сўм миқдорида ноҳақ қарздорлик ҳисобланган, деб ёзади ЎзА.
Фуқаро Улуғбек Каримов ўз уйида сув ўлчагичдан ташқари ноқонуний сув қувури борлиги ва бунинг оқибатида у ТМСҚФБ Урганч шаҳар корхонасидан 3 462 696 сўм қарздорлиги борлиги ҳақида тузилган далолатнома орқали хабар топган. Фуқаро мазкур далолатнома унинг иштирокисиз тузилгани, ҳужжатдаги имзо унга тегишли эмаслиги бўйича арз қилиб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Мурожаат судга оширилгач, Туямўйин-Урганч МСҚФБ Урганч шаҳар бўлими томонидан тузилган далолатнома ҳақиқий эмас деб топилди. Йўқ жойдан бўйнига салкам уч ярим миллион сўм миқдоридаги қарздорлик илинган фуқаро истеъмолчилар жамиятига мурожаат этиш орқали муаммоларини ижобий ҳал этди. Аммо, Туямўйин-Урганч МСҚФБ Урганч шаҳар бўлими томонидан қалбаки далолатнома қандай қилиб ва нега тузилгани ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.
Изоҳ (0)