Тошкентдаги Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонасида «Йилнинг энг фаол кутубхоначиси« республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Ушбу маърифий-ижодий лойиҳанинг асосий мақсади китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, соҳага доир чора-тадбирларни тизимли, самарали амалга ошириш, ахборот-кутубхоначилик бўйича фидокорона меҳнат қилаётган ходимларни аниқлаш ва уларнинг ижобий иш тажрибасини оммалаштиришдан иборат.
Мазкур танлов ахборот-кутубхона ходимларининг ижтимоий мавқеини юксалтириш, кўзи ожизлар кутубхоналари ходимларини рағбатлантириш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, алоҳида эҳтиёжли фуқароларга ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишда инновацион технологияларни кенгроқ қўллашга хизмат қилади.
Танловда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги кўзи ожизлар кутубхоналарининг ходимлари иштирок этди.
Танлов натижаларига кўра, Фарғона вилояти вакили Миролим Мараҳимов биринчи ўринга муносиб топилди. Жиззахлик Ҳайитгул Исматова иккинчи ўринга сазовор бўлди. Учинчи ўрин бухоролик кутубхоначи Бобур Ражабовга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)