Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Зомин туманида сайёр қабул ўтказилди.Тадбирда 25 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган ўз уй-жойига мулк эгалигини тасдиқловчи кадастр ҳужжатлари, турли сабаблар билан туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ололмаган 20 нафар болага гувоҳномалар топширилди, деб ёзади ЎзА.
Давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, вилоятда кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ҳозиргача 1 минг 719 ариза ўрганиб чиқилган, ноқонуний қурилган турар жойлар қонунийлаштириб берилган. Биргина Зомин туманида ушбу акция бошлангандан буён 186 мурожаат ҳал этилган.
Эндиликда туғилганлик, ўлим далолатномаларини қайд этиш ва бу ҳужжатларни расмийлаштириб бериш ҳам давлат хизматлари марказлари томонидан бажарилмоқда.
Ўрганишлар давомида Зарафшон Шоматов, Хайриллоҳ Нарзиқулов туғилганлик ҳақида гувоҳномага эга бўлмагани туфайли ҳатто мактабга ҳам қабул қилинмагани, ҳалигача ўқиш-ёзишни билмаслиги аниқланди. Сайёр қабулда уларга туғилганлик ҳақида гувоҳномалар топширилди.
Қабулда давлат хизматлари марказлари мутахассислари, ҳуқуқшунослар аҳолига давлат томонидан қулайлик яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Изоҳ (0)