2017 йил май ойида Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» мавзусидаги халқаро форумда ХХР Раиси Си Цзиньпин Шанхайда халқаро импорт-экспорт форумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Форум кунлари «Очиқ дунё иқтисодиётини бунёд эт» шиори остида Шанхай медиафоруми ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Унда 103 мамлакатдан келган 600 дан ортиқ ОАВ ва таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди. Медиафорум қатнашчиларини ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Россия Федерацияси Бош Вазири Дмитрий Медведов табриклади.
Форумда «ОАВ ва илмий ғоя марказларининг очиқ дунё иқтисодиётидаги ўрни», «Очиқ Хитой ва жаҳон тараққиёти» мавзусида баҳс-мунозаралар бўлди.
«Давлатлараро муносабатларда иқтисодиёт сиёсатга нисбатан устуворлик касб этяпти, шунинг учун биз махсус иқтисодий масалаларни ёритадиган телеканал очдик», — деди Хитой телевидениеси вакили Жен Жаижонг.
«ОАВдаги ахборот доим ҳам ҳақиқатни акс эттирмайди, — деди россиялик Александр Бистрийсский. — ОАВдаги аслида ҳақиқатдан йироқ маълумот туфайли давлат раҳбарлари баъзида хавфли қарорлар қабул қиляпти. Оммавий ахборот воситаси ўз ахборотида ҳақиқатни ёлғондан ажратиб бериши керак».
Форум иштирокчилари Ўзбекистон билан ҳамкорлик ҳақида қуйидагича фикр билдирди.
«Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ОАВнинг ҳамкорлиги талаб даражасида эмас, — деди Будапешт медиамаркази раҳбари Демчик Лажос. — Ўзбекистонга Европа журналистлари учун медиатурлар ташкил этишда биз ташаббускор бўлишимиз лозим, деб ўйлайман».
«Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида ахборот айирбошлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий база ривожланмаган. Ахир, биз бир иқтисодий майдонда яшаймиз, халқларимизнинг ахборотга эҳтиёжи ҳам жуда ўхшаш», — деди «Казмедиа ҳолдинг» LTD бош директори Эркин Жақипов.
Изоҳ (0)