Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи Қ.Қ. ўзининг ўғли А.О.га яширинча шаръий никоҳ ўқиган, дея хабар берди «Халқ сўзи Online».

Фото: Google Images

Маълум бўлишича, А.О. муқаддам уйланган ва бир нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи билан муносабатлари келишмаганлиги сабабли ўзаро ажрашган, бироқ бу ҳолат расман қайд этилмаган. Шундай бўлишига қарамай ота ўз ўғлини уйлантириш пайида бўлган. Мутасадди идоралар, жумладан, масжид вакиллари бу ҳолатда шаръий никоҳ ўқиш мумкин эмаслигини айтибгина қолмасдан, унинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам тушунтириш берганларидан сўнг, Қ.Қ. ўзи никоҳ ўқишга қарор қилади.

Ўз ўғлига яширинча никоҳ ўқиган ота – Қ.Қ.га нисбатан ҳам Пахтаобод туман маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддаси бўйича жазога тортилди.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга биноан шаръий никоҳ ўқиш диний маълумотга эга бўлган ваколатли шахслар томонидан амалга оширилади ва бунинг учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг рухсати керак бўлади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Тегишли идора рухсатисиз шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай фуқаро, мавқейидан қатъий назар қонун олдида жавобгардир.