Куз-қиш мавсумида уй-жойларни иситишда табиий ва суюлтирилган газдан, қаттиқ ёқилғидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учраб туради. Оқибатда аҳоли хонадонларида ёнғин келиб чиқиши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй бериб, инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар етиши мумкин. Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг сабабчиси «қўлбола» ностандарт иситиш мосламалари бўлиши мумкин, деб ёзади ЎзА.
Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан давлат солиқ хизмати идораларига қўлбола ясалган ностандарт иситиш мосламаларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг бозорлар ва турли савдо шохобчаларида сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш вазифаси юклатилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Сирдарё вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари бевосита жойларга чиқиб, қўлбола иситиш мосламалари билан савдо қилиш ноқонуний эканлиги юзасидан тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
«Қарор талабларидан келиб чиқиб, бозорлар ва савдо комплексларида ‘қўлбола’ усулда ясалган иситиш воситаларини сотиш ноқонуний эканлиги юзасидан бугунги кунга қадар 20 нафардан ортиқ тадбиркорга расман огоҳлантиришлар берилди ва уларнинг бундай воситаларни сотишдан воз кечишига эришилмоқда. Огоҳлантиришдан кейин ҳам ушбу мосламаларни сотиш давом эттирилса, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилади, товар моддий бойликлар эса давлат фойдасига мусодара қилинади», — дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Мурод Тўрақулов.
Изоҳ (0)