Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги йил охирига қадар барча мактаблар ўқувчиларни ташиш учун автобуслар билан таъминланиши ҳақидаги хабарларни рад этди, деб ёзади «Газета.uz».
ХТВ баёнотида 2 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган йиғилишда 1 январгача жойлардаги мактаб филиалларини асосий мактабга айлантириш вазифаси қўйилганини эслатиб ўтди.
«Асосий мактаб ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган жойларда эса, ўқувчиларнинг асосий мактабга боришлари учун автобус хизматлари йўлга қўйилиши масаласини ўрганиб чиқиш кераклиги таъкидланди. Бу ташаббус қишлоқ болаларини ҳам яхши шароитларда ўқишини таъминлаш ўқувчилар узоғини яқин қилишга қаратилган», — дейилади баёнотда.
Айни пайтда Халқ таълими вазирлиги тизимида 9 600 дан зиёдроқ мактаб борлиги, икки ой ичида барча мактабларни автобуслар билан таъминлаш имконсиз экани айтиб ўтилди.
«Шунинг учун бу масала, биринчи навбатда, энг зарур бўлган узоқ жойлардаги мактаблар учун кўзда тутилади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мактаб автобусларини сотиб олиш лойиҳаси ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар қилинган эди, бироқ унинг амалга оширилиши муддатлари тўғрисида ҳозирча маълум қилингани йўқ.
Изоҳ (0)