Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг қарийб 17 минг аҳолиси истиқомат қилувчи Чандир қишлоғидаги ягона бозор «Чандир озиқ-овқат деҳқон бозори» 3 ой аввал бузиб ташланганича қаровсиз ётибди, деб ёзади «Turon24».
«Бозор 3 ой илгари ‘Обод қишлоқ’ дастурига киритилгани туфайли бузиб ташланган эди. Шундан буён ҳеч ким эътибор бермайди, — дейди ушбу ҳудудда яшовчи фуқаро Қамариддин Рўзиев. — Ҳар гал атрофни расмга тушириб кетишади, лекин амалий натижа йўқ. Бир ҳафта илгари ҳам расмга олиб кетишганди. Аммо ҳалигача шу аҳволда турибди. Қурилиш қачон бошланишини билмаймиз».
Аниқланишича, Чандир озиқ-овқат деҳқон бозори ҳозирда қишлоқ марказидан қарийб уч километр узоқликда жойлашган эски машина трактор паркига кўчирилган. Аҳолининг фикрига кўра, бозорнинг эски гаражга кўчирилиши кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Масофа узоқ, ҳаммада ҳам автоулов йўқ.
Исмини ошкор қилишни истамаган савдогарлардан бирининг айтишича, эски гаражга кўчган бозор жуда тартибсиз. Раста йўқ. Об-ҳаво иссиқ пайтида чанг-тўзон кўтарилса, ёмғирли кунларда лойгарчилик бўлади.
Ғайратжон Ҳалимов исмли харидорнинг гапларига кўра, истеъмолчиларга сотилаётган озиқ-овқатлар учун расталарнинг йўқлиги сабабли маҳсулотларнинг сифати бузилмоқда.
«Одамлар оёғи тагида қолиб кетаётган озиқ-овқатни сотиб олишга мажбур бўлаяпти, — деди у. — Бу санитария қоидаларига мутлақо тўғри келмайди».
Қарийб 17 минг аҳолини қийнаётган муаммо қачон ҳал бўлиши, чандирликларнинг сарсонлиги, лой кечиши қачон барҳам топиши номаълум.
Изоҳ (0)