Ички ишлар вазирлигига БМТ Аксилтеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронков бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Меҳмонларни Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармуҳамедов қабул қилди. Учрашувда ИИВ, ДХХ ва ТИВ масъул ходимлари ҳам иштирок этди.
Суҳбат давомида қайд этилганидек, томонлар ўртасидаги ушбу мулоқот жорий йилда Хитой Халқ Республикасининг Синдао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги муҳокамаларнинг мантиқий давоми.
Ўз навбатида, В. Воронков самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдириб, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунёда ҳам улкан аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Меҳмонлар ўн йиллар давомида қуролли тўқнашувлар давом этиб келаётган қўшни Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш борасида Ўзбекистон Республикасининг ташаббусига алоҳида урғу берди.
Суҳбат жараёнида террористик ташкилотлар аъзолари томонидан ёшларни ўз сафларига ёллашга уриниш ҳолатларига қарши кураш, кибертерроризм, ноқонуний миграция ва аҳоли ўртасида профилактик ишларни амалга ошириш каби масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)