Октябрь ойида мамлакатнинг истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,3 фоизга кўтарилди. Умумий ҳисобда 10 ой давомида истеъмол секторида инфляция даражаси 9,5 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси хабар берди, деб ёзади «Газета.uz».
Товарлар нархи ўртача 91 фоизга, хизматлар нархлари эса 10,7 фоизга кўтарилди.
Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари 2,3 фоизга қимматлашди. Нархлар кўтарилиши борасида тухум (15,1 фоиз), мева ва сабзавотлар (8,3 фоиз), гўшт маҳсулотлари (1,1 фоиз) ва нон маҳсулотлари (0,9 фоиз) етакчилик қилди.
Мева ва сабзавотлар орасида энг кўп карам (50,3 фоиз), бодринг (32,1 фоиз), картошка (24,1 фоиз), сабзи (19,1 фоиз), пиёз (7,9 фоиз) қимматлашди.
Нефть маҳсулотлари нархларининг 0,5 фоизга ўсгани қайд этилди.
Шунингдек, кийим-кечак (1,2 фоиз), оёқ кийими (0,9 фоиз), алоқа воситалари ва маиший текстил (0,7 фоиз), қурилиш материаллари (0,4 фоиз) ва автомобиль ёқилғиси (0,3 фоиз) нархлари ҳам ошди.
Статистика қўмитасининг қайд этишича, ноозиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатда импорт қилинаётган маҳсулотлар (кийим, оёқ кийими, алоқа воситалари, шахсий гигиена маҳсулотлари ва бошқалар) нархлари ошишига миллий валюта курсининг пасайгани таъсир қилди. Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 15 сентябрдан 15 октябрга қадар доллар курси 4,1 фоизга (7 862 дан 8 181,08 сўмгача) ошди.
Октябрда аҳоли учун хизматлар тарифлари 0,5 фоизга ўсди. Унинг ўсишига йўловчи транспорти хизматлари тарифлари (1,4 фоиз) ва маиший хусусиятга эга хизматлар (1 фоиз) нархларининг ўсиши асосий таъсир кўрсатди.
Изоҳ (0)