Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Оренбург давлат университети ва «Евросиё давлатлари ҳамкорлиги» илмий акциядорлик жамиятлари ҳамкорлигида 26 октябрь куни Тошкентда «Россия ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий алоқалари ва ҳозирги даврда гуманитар ҳамкорликнинг истиқболлари» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ташкил этилган конференцияда Россия гуманитар университети, Оренбург давлат университети, Россия Фанлар академиясининг Умумий тарих институти вакиллари иштирок этди.
Конференциянинг асосий мақсади олий таълим муассасалари аро минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш, Россия олимлари ва профессор-ўқитувчилари билан самарали мулоқотни йўлга қўйишдан иборат.
Конференцияда ҳозирги даврдаги тарих фанининг долзарб муаммолари, рус ва ўзбек маданиятининг ўзаро таъсири ва алоқалар, олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик, икки давлат ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишида Оренбург минтақасининг ўрни каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Тошкент давлат педагогика университети ректори Ш. Шарипов, Оренбург университети ҳузуридаги жанубий Урал тарих ва этнография илмий-текшириш институти раҳбари В. Амелин, Россия Фанлар Академияси Марказий Осиё институти сектор мудири Т. Котикова ва бошқа олий таълим муассасаларининг тарихчи, филолог, сиёсацҳунос олимлари томонидан қизиқарли маърузалар тақдим этилди.
Конференция давомида «XVIII-XIX асрлар Россия-Ўзбекистон алоқалари тарихидан» деб номланган Оренбург давлат архиви фондидан жой олган тарихий ҳужжатлар ҳамда янги ўқув-илмий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Изоҳ (0)