Гулистон шаҳрининг Алишер Навоий номидаги «Билимдонлар маскани»да буюк мутафаккир Алишер Навоийга янгидан ҳайкал ўрнатилди, деб ёзади ЎзА.
Ушбу ҳайкал Ўзбекистон Бадиий академияси буюртмасига асосан таниқли ҳайкалтарош, Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми, академик Илҳом Жабборов томонидан мисдан яратилди.
«Сирдарёлик нуронийлар, зиёлилар ва шаҳар жамоатчилиги таклифига кўра, ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳайкали 1991 йили ҳашар йўли билан ўрнатилган эди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева. — Ишонмассиз, бетондан яратилган ўша ҳайкални ўрнатишга рухсат олиш учун Москвага 4 марта боришга тўғри келган. Фақат мустақиллик арафасидагина, ўшанда ҳам ҳашар йўли билан ўрнатишга рухсат этилган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 13 апрелда вилоятимизга ташрифи чоғида ушбу масканда сирдарёлик ижодкорлар билан учрашган ва буюк мутафаккир ҳайкалини янгидан барпо этиш таклифини илгари сурган эди».
Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳайкал пойига гул қўйди. Талаба ва ўқувчи-ёшлар улуғ шоир ижодидан намуналар ўқиди.
Изоҳ (0)