Жорий йилнинг 14 октябрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига бўшаб қолган ўринларга сайловлар бўлиб ўтди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссиясининг 2018 йил 16 октябрдаги №17-сонли Қарорига асосан, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Дилором Тошмуҳамедова Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати этиб сайланди. Бу ҳақда Нуриддин Зайниддинов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Д.Тошмуҳамедова 2001—2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлиш билан бирга, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг аъзоси сифатида фаолият юритган. 2005—2008 йилгача «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ва партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари лавозимларида ишлаган.
2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари этиб тайинланган. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайланиб, 2015 йилгача парламент Қуйи палатасига раҳбарлик қилган.
2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Изоҳ (0)