«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкининг Мирзо Улуғбек филиалида музей очилди, деб ёзади ЎзА.
Шу муносабат билан ушбу банк раҳбарияти, ҳамкорлари, журналистлар жам бўлган тадбирда 1895 йилда қурилган Россия империяси давлат банкининг собиқ Тошкент филиали биносининг ноёб архитектураси ва ундаги бир асрдан ошиқ хоналар анжомлари намойиш этилди.
Таъкидланганидек, мазкур банкнинг Мирзо Улуғбек филиали биноси рус меъморчилигининг ёрқин намунаси бўлиб, 123 йилдан буён бу ерда банк-молия муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Дастлаб бинода Россия империяси давлат банкининг минтақавий бўлими ва 1922 йилдан «Саноатбанк»нинг Ўрта Осиё бўлими жойлашган эди. Ушбу банк кейинчалик «Ўзсаноатқурилишбанк»га айлантирилган.
Бугунги кунда XIX аср охирида меъмор V.Гейнзелман лойиҳаси билан қурилган икки қаватли бино Амир Темур хиёбони ансамблининг бир қисми ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, банк биноси шу кунга қадар деярли ўзгармаган ҳолатда етиб келган. Банкнинг ташқи кўриниши ўша давр биноларига хос неокласситсизм услубида бунёд этилган. Бинонинг ички кўриниши ҳам дастлабки қисмлар тўпламидан иборат бўлиб, уларда айрим қайта тиклаш ишлари бажарилган. Ундаги мавжуд деворий печ ўтхонаси эшиклари, Франс Сан-Галли чўян қуйиш ва механика заводининг катта эшиклари, пул ва бошқа молларни кўтариш механизми, оқ-қора рангдаги фотосуратлари, телефон, ёзув машинкалари, давлат кредит карталари каби нодир ашёлар томошабинлар эътиборини тортмай қолмайди.
«Бундай тарихий бинода ишлаш жамоамиз учун катта фахрдир, — деди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг стратегия ва маркетинг бошқармаси бошлиғи Отабек Абдураҳимов. — Ўтган вақт давомида банкда хизмат қилган ҳар бир ходим бинонинг ички ва ташқи кўринишини асл ҳолатда сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Бугунги кунда бу тўлиқ фаолият кўрсатувчи банк бўлими бўлиб, унинг эшиклари нафақат мижозлар, балки тарихни қадрловчилар учун ҳам кенг очиқдир».
Изоҳ (0)