Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимининг «Дарё»га хабар қилишича, бугунги кунда 13 минг битирувчи салкам 20 миллиард сўмлик солиқ имтиёзидан фойдаланмоқда.
Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни давлат рўйхатига олинган ойидан эмас, балки кейинги ойдан бошлаб тўлаши белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлаганидан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, олти ой муддатга қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилган. Ўтган йили ушбу имкониятдан республика бўйича 94,6 минг якка тартибдаги тадбиркор фойдаланиб, шундан 85,7 минг нафари янги рўйхатдан ўтгани учун, 8,9 минг нафари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти сифатида қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадали тўловларини ўз фаолиятини йўлга қўйганидан кейинги ойдан бошлаб тўлаган.
2018 йилда 13 минг нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчилари якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, 19,5 миллиард сўм имтиёздан фойдаланган ҳолда қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилган.
Изоҳ (0)