Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасига оид қонунбузарликларнинг олдини олиш, соғлом рақобатни шакллантириш бўйича Олмазор туманида ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида фуқаро М. Нажмиддинова Кичик ҳалқа йўли, 4-уйда давлат рўйхатидан ўтмасдан яширин цех ташкил этганлиги аниқланди. Шунингдек, цехда 20 нафарга яқин фуқаро норасмий равишда ишлаётганлиги маълум бўлди, деб ёзади ЎзА.
Профилактик тадбирлар жараёнида тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, инсон соғлиги учун зарар етказадиган маҳсулотларни ноқонуний равишда савдога қўйишга уринаётган шахслар ҳам учрамоқда.
Хусусан, Учтепа тумани, Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида жойлашган омборхонада фуқаро Р.Сафаров жами 20 турдаги умумий қиймати 83 миллион 676 минг сўмлик ёғ маҳсулотларини сотиш мақсадида сақлаётганлиги аниқланди.
«Уддабурон тадбиркор» тадбир давомида маҳсулотнинг сифат сертификати ҳамда тегишли ҳужжатларини тақдим эта олмади ва товарлар вақтинча олиб қўйилди. Ҳозирда мазкур ёғларнинг истеъмолга яроқлилиги ва фуқаронинг қўлига қандай йўллар билан етиб келгани ўрганилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида 122 та ҳолатда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахслар аниқланиб, улар томонидан савдога чиқарилган сифат сертификати ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган жами 1,8 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида Учтепа тумани, «Ўрикзор» даҳаси, Зарафшон кўчаси, 2-А уйда жойлашган омборхонада фуқаро М.Умаров хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатсиз ширинлик маҳсулотларини сотиш учун сақлаётганлиги аниқланди.
Тадбир жараёнида омборхона кўздан кечирилганда, 9 турдаги умумий қиймати 21 миллион 219 минг сўмлик сифат сертификатига эга бўлмаган қандолат маҳсулоти борлиги маълум бўлди.
Изоҳ (0)