«Ўзстандарт» агентлигинининг Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларнинг штрихли кодларини оригинал макетларини ясаш ва уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар штрихли кодлари давлат реестрига киритиш бўйича хизматини тажриба тариқасида «Мулоқотсиз хизмат» тизимида кўрсатишни йўлга қўйди. Бу ҳақда «Дарё»га агентлик матбуот хизмати маълум қилди.
Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази томонидан режалаштирилаётган мулоқотсиз хизмат кўрсатишга ўтилиши тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имкониятларни яратиб беради:
Ҳар бир тадбиркор учун алоҳида «Шахсий кабинет» мавжудлиги;
Хизмат кўрсатишга «Шахсий кабинет»дан онлайн буюртмаларни юбориш ва буюртмалар ҳолатини кузатиб бориш;
Буюртма бериш бланкаларини, шартномаларни, ҳисоб-фактураларни, бажарилган ишлар далолатномаларини исталган миқдорда «Шахсий кабинет» орқали юклаб олиб, чоп этиш;
Хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа турдаги маълумотларни — нечта буюртма берилган, шартномалар расмийлаштирилган, қанча пул тўланган каби бошқа маълумотларни ҳам «Шахсий кабинет» орқали кузатиб бошқариш.
Бажарувчи ва буюртмачи ўртасидаги ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномаларини бажарувчининг иштирокисиз, исталган ҳисобот йили, шартномалар бўйича шакллантириш имкониятлари мавжуд.
Бундан ташқари Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари марказининг янгиланган веб-сайти ишга туширилди. Веб-сайт орқали шахсий кабинетга кириш, онлайн буюртмалар юбориш, «Ўзстандарт» агентлиги янгиликларидан хабардор бўлиб туриш ҳамда агентлик тизимидаги корхоналар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг кўрсатгичлари билан танишиш имконияти мавжуд.