Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов Москванинг Тверь судига мурожаат этиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан ўзига тегишли пул маблағларини ундириб бериш юзасидан даъво киритди. Бу борадаги суд эшитувлари 24 октябрь куни бўлиб ўтади, деб хабар беради Sputnik.
Айтилишича, Пётр илгари миллий авиакомпанияда юқори лавозимлардан бирини эгаллаган. Унинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» унга тегишли маошни тўламаган. Авиакомпания вакиллари, ўз навбатида, бундан бехабарлигини билдирмоқда.
Баъзи маълумотларга кўра, Пётр Каримов «Азия-Инвест» банкида ишлаган.
Даъво «Тўланмаган ойлик маош, бошқа тўловлар (ва тўлов кечиктирилгани учун бадал) ундириш бўйича меҳнат баҳслари» деб номланган.
Пётр Каримов 1969 йили Ислом Каримовнинг Наталя Кучми билан никоҳидан туғилган. Айтилишича, айни пайтда у Москва вилоятида яшаб келмоқда.