8 октябрь куни ТИВда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Германия ҳукуматининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Маркус Поцель билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мунтазам Ўзбекистон — Германия сиёсий маслаҳатлашувлари доирасида томонлар Афғонистонда вужудга келган ҳолат ва мазкур давлатдаги тинчлик жараёни истиқболлари борасида фикр алмашди.
Учрашувда Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференция якунларига кўра 27 март куни қабул қилинган Тошкент декларациясининг бандлари ва таклифларини амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Суҳбатда «Мозори Шариф — Ҳирот» темир йўл магистрали, «Сурхон — Пули Хумри» электр узатиш линияси, турли узунликдаги автомобиль йўллари ва Афғонистондаги бошқа инфраструктура объектларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш учун молиявий манбаларни жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган таълим йўналишидаги лойиҳаларда, жумладан Термизда ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ҳамда Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш халқаро фонди фаолиятида Германия томонининг иштирок этиши муҳимлиги қайд этилди.
Изоҳ (0)